Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 декабрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш ҳамда илғор рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-415-сон қарори асосида халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатли ва ҳар томонлама қулай бўлиши учун, соҳадаги ахборот тизимлар такомиллаштирилиб, тиббиётда янги электрон платформалар ишга туширилмоқда.
Шу муносабат билан республикамизнинг барча ҳудудларидаги тиббиёт муассасалари фаолиятини рақамлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Замонавий рақамли технологиялар Қорақалпоғистон Республикасидаги муассасаларга ҳам кириб боряпти.
“Электрон поликлиника” ва “Электрон шифохона” ахборот тизимлари такомиллаштирилиб, “Ягона тиббиёт ахборот тизими” (DMED) яратилди ва Қорақалпоғистон Республикасининг тиббиёт муассасаларда жорий этилди.
Қорақалпоғистон Республикасида 188 та тиббиёт муассасаларда “Ягона тиббиёт ахборот тизими”ни жорий этиш бўйича режа-жадвал ишлаб чиқилди. Тизимни жорий этишга Қорақалпоғистон Республикасига Uzinfocom ва туман тиббиёт бирлашмалари ахборот комуникация технологияларидан 70 нафар етарли малакага бўлган IT мутахассислар сафарбар қилинди.
Аввалги тизимдан фарқлироқ, ушбу тизимнинг патронаж хизмати рақамлаштирилди, реал вақт режимида статистик маълумотлар шакллантирилиши ва беморларга оид шахс маълумотлари етарли даражада ҳимояланиши таъминланган ва ахборот тизимлар ўзаро интеграция қилинди.
“Ягона тиббиёт ахборот тизими”ни жорий этилиши ҳисобига қуйидаги натижаларга эришилди:
– Бемор шифокор қабулида 40 дақиқа кутган бўлса, шифокорга онлайн ёзилиш орқали кутиш вақти 10 дақиқага тушди;
– Беморларнинг поликлиникадаги ташрифи натижасидаги ҳосил бўладиган тиббий маълумотларини электрон шаклда сақлаш имконияти яратилди;
– Тизим Давлат персоналлаштириш маркази, MIS-2 ва Электрон ҳукумат платформалари билан интеграция қилинди;
– мижоз юзни аниқлаш дастурлари орқали дарҳол хизмат кўрсатиш режимига ўтилади, яъни мижознинг шахсни тасдиқловчи хужжатлар сўраш билан оворагарчиликларга чек қўйилди.
Бунинг натижасида исталган тиббиёт муассасаларда бемор ҳақидаги тиббий маълумотлар реал вақт режимида олиш имкони яратилди.
Ҳозирда ҳар бир туманда тизимни жорий этиш ва ўқитиш ишлари олиб борилмоқда.
ҚР Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати