Саломатлик – наинки инсоннинг ўзи, балки жамият учун ҳам жуда катта ва бебаҳо бойлик ҳисобланади. Ҳар томонлама соғлом инсонлардан иборат жамият эса тараққиёт сари дадил одимлайди, саломатлиги мустаҳкам инсонлар ҳаёти баракали ва мазмунли бўлади. Шу боис, мустақил мамлакатимизда инсон омилига эътибор масаласига давлат сиёсатининг устувор вазифаси сифатида қаралади ва соғликни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада юксалтириш, тизимни замон талаблари, дунё тиббиёти андозалари даражасида ривожлантириш асосий, бош мақсад ҳисобланади. Амударё туманида ҳам тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар, илмий-назарий ва амалий янгиланишлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда. Соҳа ходимлари аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолини замонавий патронаж хизмати билан қамраб олиш, ҳар қандай касалликдаш асоратларсиз соғайиб кетишларини таъминлаш мақсадида фидойилик билан меҳнат қилишмоқда. Бугунги кунда туман Тиббиёт бирлашмаси таркибида барча қулайликларга эга марказий шифохона, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган Тез тиббий ёрдам бўлими, Кўп тармоқли марказий поликлиника, шунингдек, ҳудудларда қишлоқ оилавий поликлиникалари, чекка қишлоқларда эса маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилган бўлиб, аҳолининг саломатлиги ҳудудий шифокорлар томонидан доимий назорат қилиб борилади. Муҳтарам Президентимизнинг 2022 йил 16 июндаги “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорининг тегишли бандига асосан мамлакатимиз ҳудудида тез тиббий ёрдамни зудлик билан амалга ошириш мақсадида шошилинч чақириққа мўлжалланган ва тун-у кун ишлайдиган ягона телефон рақами фаолиятини таъминлайдиган Call-марказларини ташкил этиш белгиланган эди. 2023 йилнинг декабрь ойидан бошлаб туман ҳудудидан “103” телефон рақамига келиб тушадиган барча чақириқлар Нукус шаҳрида жойлашган Call-маркази хизмати орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб бўлимдаги барча тез тиббий ёрдам бригадалари планшетлар билан таъминланди. Эндиликда туманнинг барча ҳудудидан келиб тушадиган чақириқлар Call-маркази диспетчер ходимлари томонидан қабул қилиниб, тумандаги йўналтирувчи диспетчер хизмати компьютерига узатилади ва йўналтирувчи диспетчерлар томонидан чақириқлар сараланиб, чақириқ тури бўйича чақириқ манзилига энг яқин ҳудудда жойлашган тез тиббий ёрдам бригадаси планшетига йўналтирилади. Бундан ташқари, ҳозирги кунда Республика Тез тиббий ёрдам марказининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали ҳудудида “Meddata-2” дастури жорий қилинган бўлиб, ушбу дастур тест режимида ишламоқда. Соҳани рақамлаштириш борасидаги бу каби саъй-ҳаракатлар туфайли туманда тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати сифат ва самарадорлик жиҳатидан олдингига нисбатан анча ошди. Шунингдек, аҳоли сонининг ўсиб бориши ҳисобга олиниб, муҳтарам Президентимизнинг соҳага оид Қарор ва кўрсатмаларига мувофиқ 2023 йилнинг июль ойидан бошлаб марказий станцияда янгидан тез тиббий ёрдам бригадаси ҳам ташкил этилиб, жами тез тиббий ёрдам бригадалари сони 16тага етказилди. Бу эса шошилинч чақириқларни янада тез ва сифатли амалга ошириш имконини бермоқда. Айни пайтда Тез тиббий ёрдам бўлимида 305 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Улардан 40 нафари асосий мутахассис шифокорлар ва 20 нафари ўриндошлик асосида фаолият олиб боришади. Мутахассис шифокорларнинг 23 нафари олий, 7 нафари 1-тоифа, 14 нафари 2-тоифага эга. 161 нафар ўрта тиббиёт ходимларидан 77 нафари малака тоифаларига эга ўз соҳасининг билимдонларидир. Бўлимда фаолият юритувчи шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилади ва ҳар ҳафтанинг чоршанба куни замонавий тиббиёт соҳасига оид ўзгаришлар бўйича ўқув машғулотлари ўтказилиб, ҳар ой якунида ўтилган машғулотлар юзасидан ходимларнинг билим ва малакалари синовдан ўтказилади. Сўнгги йилларда бўлимнинг моддий техника таъминоти ҳам замонавий технологиялар ҳисобига янгиланди. Бўлим тасарруфидаги 16та замонавий тез тиббий ёрдам ускуналари билан жиҳозланган автомобилларнинг барчаси доимий ишчи ҳолатида. Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, ривожланган давлатларда тиббий суғурта тизимидан самарали фойдаланилади ва бунинг афзаллик томонларидан биринчи навбатда халқ манфаатдор. Чунки тиббий суғуртага эга бўлган инсон кутилмаган ҳолатларда касаллик туфайли нохуш вазиятга тушиб қолганида ҳеч қандай тўсиқ ва муаммоларсиз тиббий муолажалар олиш, ўз саломатлигини мустаҳкамлаш имконига эга бўлади. Амударё туманида ҳам Давлат тиббий суғурта механизмларини жорий қилишга тайёргарлик кўриш, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами сифат ва самарадорлигини ошириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишни маҳаллабай, мақсадли амалга ошириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги тиббий муассасаларни замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар, компьютер технологиялари ва бошқа техник воситалар, локаль тармоқ билан таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳам бошлаб юборилди. Рақамлаштириш соҳаси бўйича Medxab дастурига туман бўйича 193 минг 203 нафар, яъни 93 фоиз аҳоли бириктирилган. Фертиль ёшидаги 52 минг 821 нафар аёл-қизларнинг 78 фоизи мазкур дастурга киритилиб, уларнинг саломатликлари масъул шифокорлар томонидан доимий равишда назорат қилиб борилади. Тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги барча оилавий поликлиникалар юқори тезликда ишловчи ва энг сўнгги турдаги оптик толали интернет тармоғига уланган ва ички локаль тармоқ билан таъминланган. 2024 йил давомида Тиббиёт бирлашмасида фаолият олиб борувчи 45 нафар ходим IT паркларда компьютер саводхонлиги бўйича малакаларини оширдилар. Бундан ташқари, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини яхшилаш, замонавий талабларга мутаносиб равишда шифо масканларини реконструкция қилиш, янгидан барпо этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани боис, бугунги кунда туман Тиббиёт бирлашмаси жойлашган ҳудуд ҳақиқий тиббиётчилар шаҳарчасига айланиб бормоқда. Замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган янги туғруқхона мажмуаси қад ростлаб, ҳудудда хусусий тиббий клиникалар, стоматология поликлиникалари, дорихоналар фаолият юритаётгани халқимиз учун қулайликлар яратмоқда. Жисмонан ва руҳан соғлом инсонларгина жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладилар. Буни сидқидилдан ҳис қилиб, зиммаларидаги халқ саломатлигини сақлашдек юксак масъулият ҳисси билан фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган тиббиёт соҳаси ходимларини Мустақиллигимизнинг 33 йиллик энг улуғ, энг азиз байрами билан самимий муборакбод этаман ва эл-у юртга бебаҳо бойлик – саломатлик улашиб яшашдек шарафли касб фаолиятларини амалга оширишларида мустаҳкам соғлик, куч-қувват тилайман! Фахриддин
Абдуллаев, Амударё туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи