Мамлакатимизда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш, соҳага босқичма-босқич тиббий суғурта хизматини жорий этиш, тиббий хизмат бозорида замонавий рақобат муҳитини яратиш ва шу асосда аҳолининг кафолатланган ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятини кенгайтириш мақсадида 2024 йил 5 сентябрда Президентимизнинг “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги 311-сонли Қарори қабул қилинган эди.

Унга кўра, давлат тиббий суғуртаси доирасида аҳолига бепул тиббий хизматлар кўрсатиш ва дори воситаларини тақдим этиш давлат бюджетига тўланадиган солиқлар ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Бунда аҳолидан суғурта учун қўшимча тўлов ундирилмайди. Амударё туман Тиббиёт Бирлашмаси фаоллар залида Президентимизнинг мазкур қарори тақдимотига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Тиббиёт бирлашмаси ҳузуридаги кўп тармоқли Марказий поликлиника, шунингдек, ҳудудлардаги оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пунктлари шифокорлари, умумий амалиёт шифокорлари, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда фаоллари, тиббиёт соҳаси мутахассислари иштирок этдилар.

Йиғилишни туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўзал Сабурова очди ва олиб борди. У тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда Давлат тиббий суғуртасини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш борасидаги Президент Қарори юзасидан қисқача маълумот бериб ўтди. Шундан сўнг Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Фаҳриддин Абдуллаев мазкур Қарорнинг мазмун-моҳияти, аҳолига сифатли ва кафолатланган тиббий хизмат кўрсатишда қулайликлар яратиш мақсадида ушбу Қарор билан 2024 йил 1 октябрдан Ташкент шаҳри ва Сирдарё вилояти Давлат тиббий суғуртаси тизимига ўтганлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, шу жумладан Амударё туманида ҳам 2025 йил 1 январдан бошлаб аҳолига Давлат тиббий суғуртаси тизими орқали тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилиши хусусида батафсил тўхталди.

Туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўз сўзида давлат тиббий суғуртаси механизмларининг афзаллиги, аҳоли учун қулайликлари, кафолатланган пакетларга нималар киритилгани ва дори-дармонлар билан бепул таъминланиш ҳуқуқига эга фуқаролар электрон ташхислар орқали дорихоналар томонидан таъминланиши ҳақида сўз юритди. Бундан ташқари, ҳар бир фуқарода ўз соғлигига ўзи масъуллиги ҳиссини шакллантириш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, маҳалла билан тиббиёт ходимлари ҳамкорлиги, шошилинч ва режали равишда бепул тиббий хизмат кўрсатилиши масалалари бўйича йиғилиш иштирокчиларига мисоллар орқали зарур тушунчалар берди. Шу билан бирга, туман Тиббиёт Бирлашмаси томонидан Давлат тиббий суғуртаси тизими орқали аҳолига тиббий хизмат кўрсатишга жиддий таёргарлик ишлари олиб борилаётгани, бу бўйича овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланиб, ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар юзасидан зарур тушунчалар берилди.

Йиғилишда давлат тиббий суғуртасини амалиётга жорий этиш борасида аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот тадбирларин олиб бориш, тиббий суғурта хизматининг афзалликлари, аҳоли учун қулайликлари хусусида тушунтириш ишларини самарали ташкил этиш юзасидан таклифлар ҳам билдирилиб, вазифалар белгилаб олинди.