Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати томонидан Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиалига оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Филиалда дастлаб матбуот анжумани ўтказилиб, унда марказ директори ўринбосари Абдулазиз Мадаминов иштирокчиларга ўтган йил ва жорий йилнинг биринчи чораги давомида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, ўтган йил давомида республикамизнинг кўплаб жойларида хусусий кўз клиникаларининг кўпайганлиги сабабли, 2024 йил давомида олдинги йилнинг шу даврига нисбатан марказга келувчиларнинг умумий сони 6,5 фоизга (31593/29529) камайган. Марказда 3397 нафар, шу жумладан, 2100 нафар бемор енгиллаштирилган шароитда стационар тарзда даволанган. Кўз билан боғлиқ рефракцион, витреал, кератопластик, глаукомага қарши, птеригиумектомия, дакриотсисториностомия, кўзнинг қийшиқлигини тузатиш, кўзнинг олд қисми лазер жарроҳлиги, орқа қисми лазер жарроҳлиги, эвисцерация, энуклеация каби жами 2871 та асосий жарроҳлик амалиётлари бажарилган.
Маълумот учун, филиал келгуси вақтларда грантлар, пуллик хизмат ва ўз маблағлари ҳисобидан витрио хирургия учун EIBOS, Haag-Streit Surgical оптик тизимини олишни, фундус камера функцияли ОСТ ускунасини олишни, витрио хирургия шифокорларини тайёрлашни, факоэмулсификатор Catarex III олишни, 3 шифокорни Wetlab катаракта факоэмулсификация хирургияси бўйича Ҳиндистоннинг «Accura» клиникасида ўқитишни режалаштирмоқда.
– Мен 60 ёшдаман. Нукус шаҳрида кўп йиллардан бери яшаб келяпман. Яқинда кўзим оғриб, шифохонага кўринган эдим. Филиалда кўз катарактаси бўйича амалиёт қилинади экан. Бугун кўзимга амалиёт қилинди. Шифокорларнинг қўли енгил экан. Амалиётларни осон қилди. Барча шифокорларга миннатдорчилик билдираман. Энди амалиётдан кейинги қўшимча даволанмоқдаман, – дейди Зулайҳо Сағитова.
Тадбир давомида иштирокчилар бўлимлар фаолияти билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.