Ижтимоий тармоқлардан бирида «АДОЛАТ ҚАEРДА ТУШИБ ҚОЛДИ?» сарлавҳали хабар тарқалди.

Ушбу ҳолат бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Айни пайтда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон филиалида хавфли онкологик касалликларга чалинган беморларни даволаш учун қўлланиладиган дори-дармонлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус буйруғи билан Марказлашган фонд маблағлари ҳисобидан келади. Қолган дори-дармонлар эса даволаш диагностика стандартларига асосан давлат бюджети ҳисобидан биржа орқали сотиб олиниб, таъминлаб келинмоқда.

Республика фтизиатрия ва пульмонология марказида сил касаллигини даволаш учун қўлланиладиган биринчи қатор дори-дармонлари давлат ҳисобидан таъминланиб, ҳеч қандай узилишга учрамайди. Сил касаллиги билан оғриган беморларда учрайдиган қўшимча касалликлар учун зарур бўлган дори-дармонлар Республика фтизиатрия ва пульмонология марказининг дори-дармонлар рўйхатига кирмаган бўлса, беморлар рецепт асосида ўзлари сотиб олиши белгиланган.

Республика болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 2025 йилнинг 5 ойи давомида дори-дармонлар, бир марталик буюмлар, реактивлар ҳамда дезинфексиялаш ускуналари давлат бюджети ҳисобидан таъминланиб, ҳеч қандай узилишга учрамади. Онкогематологик касалликларни даволаш учун қўлланиладиган дори-дармонлар (Кимёвий препаратлар, Антигемофил омил, Веллибранд омили, Октагам, Онтанат) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус буйруғи билан Марказлашган фонд ҳисобидан келади. Қолган дори-дармонлар эса даволаш диагностика стандартларига асосан дезинфексияловчи ускуналар давлат бюджети ҳисобидан биржа орқали сотиб олиниб, таъминлаб келинмоқда. Бундан ташқари беморларда учрайдиган қўшимча касалликлар учун зарур бўлган дори-дармонлар Республика болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг дори-дармонлар рўйхатига кирмаган бўлса, беморлар рецепт асосида ўзлари сотиб олиши белгиланган.

Даволаш-профилактика муассасаларини хавфсиз ва сифатли дори-дармонлар ҳамда тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш харажатлари 2017 йилга нисбатан 5,2 баробар ошди. Жумладан, дори-дармонларга 2023 йили 103,3 млрд. сўм, 2024 йили эса 113 млрд. 200 млн. сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, 2023 йили марказлашган ҳолда 31 млрд. 721 млн. сўмлик дори-дармонлар олинган бўлса, 2024 йили бу маблағлар 55 млрд. 120 млн. сўмга ортиб, асосий дори-дармонлар берилган (онкологик касалликлар, гематоонкология ва ҳ.к.).

Ҳозирги кунда Республика тез тиббий ёрдам маркази Қорақалпоғистон филиали ҳисобида 270 автотранспорт мавжуд бўлиб, шундан 176 автотранспорт тез тиббий ёрдам кўрсатишда, қолганлари эса санавиация, психиатрия бригадаси ва бошқа тиббий хизматлар учун фойдаланилади.

2023-2025 йиллар оралиғида жами 100 та замонавий тез тиббий ёрдам транспорти олиб келиниб, уларга GPS-trekerler ва радиоалоқа ускуналарини ўрнатиш ишлари олиб борилди.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати