Республика тез тиббий ёрдам марказининг Қорақалпоғистон филиалига оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилиб, унда филиал директори И.Нуримбетов ва бошқалар сўзга чиқиб, филиал вазифалари, унда яратилган шароитлар ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16 июндаги махсус қарорига мувофиқ, Республика тез тиббий ёрдам маркази ҳамда унинг 14 та ҳудудий тез тиббий ёрдам хизмати ва тиббий автохўжаликлари негизида ташкил этилди. Бу тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизимини йўлга қўйиш, яъни, тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш ва аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида қатор вазифалар белгиланди.
Хусусан, марказнинг ҳудудий филиалларини ўхшаш биноларга жойлаштириш вазифалари белгиланган бўлиб, 2024 йилнинг февраль ойида Нукус шаҳрида Республика тез тиббий ёрдам марказининг Қорақалпоғистон филиали учун замонавий янги бино қурилиб, ходимларнинг ишлаши учун зарур шароитлар яратилди.
Тез тиббий ёрдам кўрсатиш ишларини рақамлаштириш бўйича ҳар бир ҳудудда «Call-марказ»лар ташкил этилди. Барча чақирувларни фақат ушбу «Call-марказ»лар орқали қабул қилиш, марказлар томонидан чақирувларни беморнинг ҳолати, касаллик тури ва унинг оғирлик даражасига қараб тоифага ажратиш ва тегишли тиббий бригадаларни йўналтириш, тез тиббий ёрдамни туман (шаҳар) ёки ҳудуд чегарасига қараб эмас, балки беморгача бўлган масофанинг яқинлигига қараб кўрсатиш йўлга қўйилди.
Дори-дармонлар сарфи ҳам тизим орқали кузатиб борилади. Яъни, дори маҳсулотларининг сарфи ҳозирда планшет орқали Медатта-2 тизимига киритилади. Яъни ҳар бир дори-дармон сарфи ушбу тизим билан назоратга олинган.
Шу билан бирга, тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларига GPS-трекерлар ва радиоалоқа ускуналари ўрнатилган. Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 176 та тез тиббий ёрдам автотранспортларига GPS ва 155 та автотранспортга радиоалоқа ускуналари ўрнатилган. Шунингдек, 162 та тез тиббий ёрдам бригадалари тўлиқ планшетлар билан таъминланган.
Бугунги кунга қадар филиалга, жами 89 та замонавий тез тиббий ёрдам транспорти олиб келиниб, уларга ҳам GPS -трекерлар ва радиоалоқа ускуналарини ўрнатиш ишлари олиб борилди. Яна 9 та йўл танламайдиган автотранспортларини олиб келиш бу йилги режага киритилган.
Филиал Open budjet дастури бўйича ҳам яхши натижаларга эришди. 2024 йил давомида 5 та объектда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, бунга жами 6,1 миллиард сўмлик маблағ ажратилди.
Тадбир давомида иштирокчилар «Call-марказ»га, тез тиббий ёрдам автотранспорт воситалари базасига, тиббиёт ходимларининг навбатчилик хоналарига ташриф буюриб, бажарадиган ишлари, яратилган шароитлар билан танишди. Мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.